• Uzbek
  • Русский
  • English

ХАЛҚАРО ИЛМИЙ РЕСУРСЛАРГА КЕНГ ЙЎЛ ОЧИЛДИ

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим  вазири И.Маджидов, “Elsevier” халқаро компанияси вице-президенти Феликс Хааст ва компаниянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича минтақавий директори Алия Оспанова, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги вакили О.Тўйчиев, Ўзбекистон Фанлар академияси, Жаҳон банки мутасаддилари, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 мартдаги “Халқаро Ривожлантириш Ассоциацияси иштирокидаги олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2848-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Нидерландиянинг “Elsevier” компанияси билан ҳамкорликда “Илм-фан – 2020” миллий ривожланиш Дастурини ишлаб чиқди.

“Илм-фан – 2020” миллий ривожланиш Дастуридан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда илмий салоҳиятни, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини яратишдан иборат.

“Elsevier” компанияси “Илм-фан – 2020” миллий ривожланиш Дастурида мамлакатимиз илмий марказлари ва олий таълим муассасалари, шунингдек, олимларнинг дунё илмий рейтингидаги ўрнини кўтариш, республика илмий журналларини “SCOPUS” ва “ScienceDirect” халқаро  илмий маълумотлар базаси тизимига киритиш, ёш олим ва докторантларга илмий мақолалар тайёрлаш ва уларни юқори импакт-факторга эга бўлган илмий нашрларда чоп этишларига кўмаклашиш кўзда тутилган.

Маълумот учун:

“Эльзевир” (Elsevier) – фан, таълим ва тиббиёт соҳасида инновацион ечимларни ва маҳсулотларни таклиф этадиган жаҳондаги энг йирик нашриётлардан бири ҳисобланади. Компаниянинг ваколатхоналари Амстердам, Лондон, Нью-Йорк шаҳарларида жойлашган бўлиб,  дунё бўйлаб 70га яқин офислари бор. Нашриёт Reed Elsevier медиа-холдингнинг бир қисми бўлиб, жаҳоннинг энг йирик 500 компаниялари рўйхатига киради. 2500дан ортиқ журналлар, 20000га яқин китоб ва маълумотномаларни чоп этади. Нашриётнинг “Scopus” илмий маълумотлар базаси илмий нашрлар ва иқтибослар келтириш, “Science Direct” маълумотлар базаси эса илмий нашрларни тарқатиш тизимини ривожлантиради.

 

Copyright © 2017 | Tukhtayev Sardor